Самарқандда ижтимоий вазияти оғир ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга жами 47,3 млн сўм моддий ёрдам ажратилди

Самарқанд шаҳар ҳокимлигида шаҳардаги кам таъминланган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда ногиронлиги бўлган 19 нафар хотин-қизларга тикув машинаси топширилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов ҳамда ҳамкор ташкилот раҳбарлари хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар дастурида белгиланган йўналишлар бўйича ажратилган маблағ ҳисобидан уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 19 нафарига тикув машинаси топширишди. Шунингдек, 7 нафар хотин-кизга 2 миллион сўмдан моддий ёрдам олиш учун сертификат берилди. Бир нафар аёлга дори-дармон учун 3 миллион сўм ва 1 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқарога ногиронлик аравачаси, жами 47 миллион 300 минг сўм бўлган моддий ёрдам ажратилди.

«Самарқанд шаҳрида яшовчи бир нафар аёл ишсиз қолса ҳам, хотиржам бўлмаймиз. Демак, хотин-қизларни иш билан таъминлашни тизимли ташкил этиб, уларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда банд қилиб, оилавий хотиржамликка эришгунларича суянч бўлишимиз керак. Бугун ҳам худди шу мақсад бизни бирлаштирди. Ўйлайманки, аёлларимиз берилган тикув машиналаридан мақсадли фойдаланади ва ўзларининг келажаги, фарзандлари учун доимий даромад манбаини йўлга қўйишади», — дейди Бобурмирзо Облақулов.

Аввалроқ Самарқандда 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули берилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар