Самарқандда қўл жанги бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди (фото)
Самарқанд шаҳри Яккакураш бўйича спорт мактаби мажмуасида 23—24 сентябрь кунлари қўл жанги бўйича Самарқанд вилояти биринчилиги бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, беллашув Самарқанд вилояти «Динамо» ЖТСЖнинг жамоалари ўртасида ташкил этилиб, жами 6 та жамоа, 50 нафар спортчи кураш олиб борган.
«Икки кун давом этган мазкур беллашувда кучли жамоани аниқлаш ҳакамларга осон бўлмади. Иштирокчилар бор куч маҳоратини биринчилик сўнгига қадар намойиш қилдилар», дейилади хабарда.
Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида биринчиликни Ички ишлар бошқармаси қўлга киритган. Иккинчи ўринни Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси, учинчи ўринни эса Самарқанд вилояти Марказий ҳарбий округи эгаллаган. Барча ғолиблар вилоят биринчилиги махсус дипломи ҳамда ташкилотчиларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланган.
Аввалроқ Наманганда «Чарм тўп» мусобақасининг вилоят ғолиби аниқлангани ҳақида хабар берилганди.