Самарқандда сариқ рангли металлни тилла деб сотган шахс жиноятини яшириш учун 900 доллар пора бераётганида қўлга олинди
Ички ишлар вазирлиги хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўлими ҳамда Самарқанд транспорт прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида 4 август куни ўтказилган тезкор тадбирда таркибида қимматбаҳо металл бўлган қоришмаларни ноқонуний йўл билан фуқароларга сотиб келаётган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда «25 soat» кўрсатувида хабар берилди.
Маълум бўлишича, мазкур шахс одамларни алдаб, таркибида олтин моддаси бўлган қумларни ва бошқа металлар қоришмасидан қуйилган тангаларнинг ҳар бир грамини 400 минг сўмдан сотиб келган. Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи 31 ёшли ушбу фуқаро оғирлиги 8,5 грамм бўлган сариқ рангли металнинг тилла эканлигини айтиб, уни 23 минг AҚШ долларига сотишга келишиб, келишилган пулдан 100 AҚШ долларини олган вақтида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Транспорт хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Самарқанд Транспорт прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттириш учун жиноят иши Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган. Шундан сўнг, фуқаро турли йўллар билан терговчини ўз томонига оғдиришга уринган. Шу мақсадда Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига келиб, жиноят ишининг унга тегишли қисмини пул эвазига ижобий ҳал қилиб беришини сўраган. Бунинг учун терговчига 1000 AҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилган.
Бундан ташқари, фуқаро Самарқанд аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси бошлиғи олдига бориб, унга ҳам жиноят ишини ўзига тегишли бўлган қисмини пул эвазига ҳал қилиб беришни сўраган ва пора таклиф қилган.
Шунингдек, хабарда айтилишича, 4 август куни ушбу фуқаро қўзғатилган жиноят ишининг унга нисбатан қисмини ҳаракатдан тугатиш ва жиноий жавобгарликка тортилмаслик эвазига терговчи ҳамда Самарқанд аэропортида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси бошлиғига 900 AҚШ доллари миқдорида пулларни пора тариқасида бераётган вақтида ИИВ хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Аввлроқ Бухорода тадбиркордан фирибгарлик йўли билан 600 минг сўм пора олган мансабдор шахс ва Андижонда ҳокимликдаги танишлари орқали 2 гектар ер олиб беришни айтиб, эвазига 30 минг доллар сўраган мансабдор қўлга олингани ҳамда Бухорода амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбандни ноқонуний сотмоқчи бўлган собиқ ИИБ ва Миллий гвардия ходимига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.