Сирдарёда МЧЖ ҳисобчисидан 500 доллар ва 4 млн сўм пул талаб қилган мансабдор қўлга олинди

Сирдарё вилоятида МЧЖ ҳисобчисидан судга даъво аризасини киритмаслик ва зарарни ёпиш эвазига 500 доллар ва 4 миллион сўм талаб қилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармасининг бўлим бош инспектори қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Сирдарё вилояти бошқармасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Сайхунобод туманидаги МЧЖни 1,5 гектар суғориладиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиши натижасида давлатга 779 миллион 559 минг сўм миқдорда зарар етказганликда айблаган. Мазкур ҳолат юзасидан бош инспетор Иқтисодий судга даъво аризасини киритмаслик ва зарарни ёпиш эвазига ушбу МЧЖ бош ҳисобчисидан 500 АҚШ доллари ва 4 миллион сўм талаб қилган.

Таъкидланишича, Сирдарё вилояти бошқармасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори пулни олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Аввалроқ Бўстон адлия бўлими мансабдори 3 минг доллар пора олаётган вақтда қўлга тушгани ҳамда «Нархоз»нинг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахс 1300 доллар пора олаётган вақтида ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар