Соғлиқни сақлаш вазирига янги ўринбосар тайинланди

Президентнинг 6 ноябрь кунги тегишли қарори билан Анвар Алимов соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Анвар Алимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1978 йилда Ўрта Осиё медицина педиатрия институти педиатрия факультетини битирган. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Анвар Алимов Тошкент педиатрия институти ректори, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири сингари масъул лавозимларда ишлаган.

Анвар Алимов 2020 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони билан тақдирланган. Тайинловга қадар у академик Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори вазифасида ишлаб келган.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Абдуҳаким Ҳожибоев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар