Сўхда 800 нафар фуқарога 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули етказиб берилди

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Фарғона вилояти Сўх туманига кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 400 миллион сўм маблағ аҳолига етказилди. Бу ҳақда Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ушбу ажратилган маблағ 31 июлда секторлар кесимида бевосита сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар вакиллари иштирокида рўйхати шакллантирилган фуқароларга тарқатиб берилди.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Туманнинг биринчи сектори таркибига 6 та маҳалла – «Ленбур», «Девайрон», «Тул», «Соҳибкор», «Қалъача», «Ғазнов» фуқаролар йиғинлари киради. Биринчи сектордаги барча маҳаллалар кесимида 187 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар рўйхатга олиниб, уларга 93 500 минг сўм маблағ тарқатиб берилди.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Туманнинг тўртта сектори кесимида жами бўлиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 800 нафар кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, якка ёлғиз фуқаролар ва ногиронлиги бор фуқароларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам маблағлари етказиб берилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида жами 390 минг 822 та оилага 164 миллиард сўмдан ортиқ ёрдам маблағи йўналтирилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар