Танзила Норбоева «Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси» бўйича саъй-ҳаракатга чақириқни Ўзбекистон номидан имзолади
Танзила Норбоева «Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси» бўйича саъй-ҳаракатга чақириқни Ўзбекистон номидан имзолади. Бу ҳақда Олий Мажлис сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 9 октябрь, жума куни Олий Мажлис сенати Раиси Танзила Норбоева «Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси» бўйича саъй-ҳаракатга чақириқнинг Ўзбекистон томонидан имзоланиши маросимида иштирок этган ва видеомурожаат йўллаган.
Қайд этилишича, 2019 йил февраль ойида АҚШ президенти маслаҳатчиси Иванка Трамп «Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси» билан чиққан. Мазкур ташаббус дунё бўйлаб аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган 18 та йўналишдан иборат бўлиб, 122 миллион доллар қийматидаги буджетга эга.
Тадбир доирасида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу борада қатор ижобий натижаларга эришилаётгани таъкидлаб ўтилган.
Имзоланган ҳужжатнинг мақсад ва тамойиллари мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати билан ҳамоҳанг эканлиги қайд этилган.
Ўзбекистон мазкур йўналишда халқаро миқёсда манфаатли ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилган.
Бундан аввал Шавкат Мирзиёев БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш маркази очишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик БМТнинг Хотин-қизлар ҳолати бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида Танзила Норбоева нутқ сўзлагани маълум қилинди.