Тошкентда «Mercedes Gelendvagen» ва «Nexia» иштирокида «авария» бўлди — фото
Тошкент шаҳар Яккасарой туманида 15 декабрь, сешанба куни «Mercedes G 63 AMG» ва «Nexia» иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 декабрь куни соат 20:40 да Шота Руставели кўчасида жойлашган «Қанотчи» кафеси қаршисида ҳайдовчи 1989 йилда туғилган М.А. бошқарувидаги «Mercedes G 63 AMG» русумли ҳамда 1981 йилда туғилган Р.А. бошқарувидаги «Nexia» русумли автомобиллар тўқнашган.
Тўқнашув оқибатида «Nexia» русумли автомобиль ҳайдовчиси, 39 ёшли Р.А. тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини, қоидаларни четлаб ўтиб ўзи ва ўзгалар саломатлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ Қамчиқ довонида 13 та машина иштирокида бир нечта ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёда таъмирланаётган йўлда «Cobalt» ағдарилиб кетиб, ҳайдовчи ҳалок бўлгани хабар қилинган.