Уйчида 200 га яқин муҳтож оила учун мўлжалланган тураржой қурилишининг 65 фоизи битказилди (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Уйчи туманини ободонлаштириш, туман инфратузилмасини такомиллаштириш, реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида «Пастгузар» массивида қурилаётган кўп қаватли тураржой биноларини бориб кўрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, «Қишлоққурилишинвест» МЧЖ буюртмасига кўра намунавий лойиҳалар бўйича 4 та тўрт қаватли, 2-3 хонали, 96 хонадондан иборат арзон уй-жойлар қурилиши олиб борилмоқда. Ҳозирда бу ердаги ишларнинг 65 фоизи битказилган.
Шу билан бирга, «10-ХМКК» МЧЖ таъсисчиси Ғаффор Сулаймоновнинг билдиришича, 4-сектор ҳудудида ҳам жамият томонидан давлат шерикчилиги асосида 4 та тўрт қаватли, 2-3 хонали, 96 хонадондан иборат намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бу билан кам таъминланган 200 га яқин муҳтож оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилади. Мазкур массивда 16 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши кўзда тутилган.
Таъкидланишича, жамият тасарруфида ғишт ишлаб чиқариш, тош майдалаш, бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги сабабли харажатлар камайиб, тураржойлар таннархи арзонлашишига эришилмоқда. Бу эса келгусида қурилиш кластер тизимига ўтиш учун ўзига хос замин яратади.
«Юртимизда уй-жой бозори шаклланмоқда. Қурилишда ҳам кластер тизимини ривожлантиришимиз даркор. Бу йўналишда эса Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас. Бугун қизғин жараён кетаётган бу соҳа ва унга боғлиқ тармоқларда кўплаб аҳолининг бандлиги таъминланиб, даромадга эга бўлмоқда. Муҳими, фуқароларимиз арзон, сифатли, бежирим хонадонларда истиқомат қилишдан мамнун ва ҳаётдан рози бўлади», — дейди вилоят хокими Хайрулло Бозоров.
Вилоят ҳокими жараён билан танишиб, аҳолининг уй-жойга бўлган талаб ва истакларини қаноатлантириш мақсадида 5-7 қаватдан иборат бинолар қуришни тавсия этган.
Аввалроқ Бухорода 660 та оилага мўлжалланган тураржойлар қурилаётганлиги ҳақида хабар берилганди. Улардан 64 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга берилади. Шунингдек, Бухорода 271 та кўп хонадонли уйларни таъмирлаш учун 32,2 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинганди.