Жаҳон банки Ўзбекистонга ирригация тизими модернизацияси учун имтиёзли кредит ажратди
Жаҳон банки Ўзбекистонда ирригация ва дренаж инфратузилмасини янгилаш мақсадида $200 млн миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Бу ҳақда банк расмий сайтида эълон қилинди.
Лойиҳа Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида амалга оширилади. Ҳукумат ҳам лойиҳа учун $23,2 млн миқдорида қўшимча маблағ ажратади.
Банкга кўра, лойиҳа ирригация соҳасидаги эскирган инфратузилмани замонавийлаштириш, сув йўқотишларини камайтириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Режалаштирилган лойиҳа тадбирлари орасида:
• Амударё ва Сирдарё билан боғланган ва юқорида қайд этилган ҳудудлардан ўтган саккизта йирик магистраль каналнинг 259 километрини бетонлаш. Бунинг учун сувни тежайдиган замонавий материаллар, жумладан, геомембраналардан фойдаланилади;
• ўзи оқар сув етказиб беришни таъминлаш ва иложи борича насослардан фойдаланиш заруратини камайтириш учун канал ўзанларини қайта профиллаш ва уларнинг сатҳини кўтариш;
• кўрсатилган каналлар бўйлаб сув тақсимотини назорат қилиш даражасини ошириш учун 470 га яқин гидротехник иншоотлар қуриш;
• сув сарфини ўлчагич ўрнатилган бошқариладиган сув чиқаргичларни ўрнатиш, шунингдек, сув таъминоти жараёнларини бошқариш учун диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш тизимини (SCADA) жорий этиш бор.
Лойиҳадан кутилаётган натижалар:
• 232 минг гектар майдонда ирригация хизмати сифатини ошириш, бу эса ушбу ерларда қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш имконини беради;
• 180 минг нафар сув фойдаланувчиси, шу жумладан, 80 минг нафар аёлларнинг суғориш хизматларидан янада ишончли фойдаланишини таъминлаш;
• йиллик сув йўқотишларини тахминан 540 млн куб метрга қисқартириш, бу эса сувдан янада оқилона фойдаланишга ёрдам беради;
• йилига 165 млн кВт·соатдан ортиқ электр энергиясини тежаш, бу эса ирригация соҳасида энергия самарадорлигини оширади ва эксплуатация харажатларини камайтиради.
Жаҳон банки Марказий Осиё бўйича директори Татяна Проскурякованинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган сув хўжалигини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда муҳим қадам бўлади.