Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар маблағ ажратади

Президент Шавкат Мирзиёев «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида ‘Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш’ лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қайд этилишича, қарорда Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳанинг устувор йўналишлари, маблағдан фойдаланиш схемаси ва тартиби белгилаб берилди.

6 йилга (2020–2026 йиллар) мўлжалланган ушбу лойиҳага Жаҳон банки томонидан 30 йил муддатга қуйидаги шартлар асосида маблағлар ажратилмоқда:

  • 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз;
  • 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит;
  • 5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит.

Лойиҳанинг умумий қиймати 659,3 миллион АҚШ долларига тенг, улардан Ўзбекистон улуши — 159,3 миллион АҚШ долларини, жумладан:

  • солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш — 124,3 миллион АҚШ долларини;
  • лойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарлар) улуши эса 35 миллион АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредитни ўзлаштириш лойиҳаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда транспорт ва логистика тармоғини ривожлантириш учун 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар