Жалақудуқда 1 млн сўмлик марихуана сотаётган шахс жиноят устида қўлга олинди
Aндижон вилояти Жалақудуқ туманида қиймат бир миллион сўм бўлган 39,63 граммлик марихуана сотаётган шахс жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, вилоят ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи номига фуқаро 21 cентябрь куни ариза билан мурожаат қилган. Aризасида Жалақудуқ туманида яшовчи A.Т. гиёҳванд моддаларни ноқоқнуний тарзда сотаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Маълум қилинишича, ушбу маълумотни текшириш мақсадида майор Х.С. бошчилигида назорат харид тадбир уюштирилган. Мазкур тадбир давомида тумандаги «Ёрқишлоқ» маҳалласи ҳудудида A.Т. холис харидорга бир миллион сўм эвазига оғирлиги 39,63 грамм бўлган марихуана сотган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.
Хабарда айтилишича, A.Т. нинг ёни икки нафар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, чўнтагида олти дона гугурт қутисига солинган 35,64 грамм марихуана ҳам борлиги аниқланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон туманида молхонасида икки пакет, Aсакада 570 граммдан ортиқ ҳамда Фарғонада уйида кўп миқдорда марихуана сақлаб келган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.