Ўзбекистонда айрим тоифа фуқароларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига 500 минг сўмлик ёрдам пуллари тарқатилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 август куни «Aҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Маълум қилинишича, сентябрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик 500 минг сўм миқдордаги моддий ёрдам кўрсатилади:

  • моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
  • ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасига мазкур қарорда белгиланган бир марталик моддий ёрдам пулларини Шавкат Мирзиёевнинг 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонда назарда тутилган ҳамда бошқа қўшимча манбалар ҳисобидан амалга ошириш белгиланган.

Мазкур қарорда назарда тутилган маблағларнинг «темир дафтар»га киритилган оилаларга етказилиши юзасидан:

  • Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси — боқувчисини йўқотган оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга моддий ёрдам пулларининг нафақаларини тўлаш учун белгиланган муддатда манзилли етказилишини ташкил этиш бўйича;
  • Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари — «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандлари сонидан келиб чиқиб, тўлов ведомостлари шакллантирилиши ҳамда туман ва шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали уларга моддий ёрдам пулларининг ўз вақтида ва манзилли етказилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича;
  • Молия вазирлиги – зарур маблағлар республика бюджетидан маҳаллий бюджетларига ўз вақтида ажратилиши бўйича;
  • Марказий банк ва тижорат банклари – моддий ёрдам маблағларини тарқатиш учун нақд пул билан таъминлаш бўйича масъул этиб белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш бош вазир ўринбосарлари Жамшид Қўчқоров, Беҳзод Мусаев, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланган.

Aввалроқ, Ўзбекистонда «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан 390 минг 822 та оилага қарийб 164 миллиард сўмдан ортиқ ёрдам маблағи йўналтирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар