Тошкент вилоятида мобил телефонларни яширин олиб ўтмоқчи бўлган 4 киши ушланди

«Навоий» чегара божхона постида 180 дона iPhone ни божхона назоратидан яширинча олиб киришга уринган тўрт нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу шахслар қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудудига пиёда кириб келган. Божхона кўригидан ўтказиш жараёнида уларнинг бел қисми ва қўл юкларидан умумий қиймати 1 млрд 80 млн сўмга тенг бўлган мобил телефонлар аниқланган.

Телефонлар белгиланган тартибда божхона тўловисиз олиб кирилмоқчи бўлгани боис ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Айни вақтда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент