ДХХ 4 та вилоятда ижарага берилган ер майдонларини ноқонуний сотганларни қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди.

Фото: «Tez News»

Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги адвокатлик бюроси адвокати ва унинг опаси ўзаро келишиб, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкумга тегишли фермер хўжаликка туман ҳокими қарорига мувофиқ 49 йил муддатга ижарага берилган 9,72 гектар ерни сохта ҳужжатлар асосида давлат идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг доллар олган вақтида ушланди.

Навбатдаги ҳолатда, Андижон шаҳридаги улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятнинг муқаддам бир неча маротаба судланган раҳбари 1985 йилда туғилган, якка тартибдаги тадбиркор билан тил бириктириб, ўзига Асака тумани ҳокимининг 2020 йилдаги қарорига асосан иссиқхона иншоотлари қуриш мақсадида ажратилган 1 гектар ер майдонининг тоифасини мансабдор танишлари орқали ўзгартириб, у ерда 30 та коттеж типидаги уй-жойлар қуриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига харидордан 230 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги чорвачилик фермаси раҳбари ҳоким қарори билан чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш мақсадида 49 йил муддатга ижарага берилган ер майдонининг 11 гектар қисмини харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У мазкур ишни кадастр идораларидаги танишлари орқали бажариш эвазига 430 млн сўм сўраган. Фермер олдиндан 23 минг 600 доллар ва 100 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.

Хоразм вилояти бўйича ДХХ бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса Урганч шаҳрида яшовчи, 1969 ва 1980 йилларда туғилган икки нафар фуқаро Урганч тумани ҳокимлиги захирасидаги 5 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қурмоқчи бўлган тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 350 миллион сўм талаб қилиб, олдиндан 300 миллион сўм олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жамият