Тошкент ва Самарқандда хорижга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди
Тошкент ва Самарқандда хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилиб фуқаролардан пул олган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Учтепа туманида фуқаро Е.М. беш кишига Германия давлатига виза олиб беришни ваъда қилган ва бунинг эвазига улардан $12 минг талаб қилган. У $6 мингни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Самарқанд шаҳрида эса бир МЧЖнинг таъсисчиси О.Ў. ва унинг иш бошқарувчиси С.Р. ижтимоий тармоқларда реклама бериб, олти нафар фуқарони Германия ва Англияга ишга юборишни ваъда қилган. Улар ушбу ваъдалар эвазига жами $12 700 олган.
Ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.