Россияда содир бўлган автоҳалокатда 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
10 ноябрь куни тонгда Россиянинг Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақида Қозондаги бош консулхона хабар бермоқда.
М-5 федерал трассасининг 738-километрида рўй берган ҳодиса оқибатида 3 киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Шундан 1 нафари Ўзбекистон фуқароси, 2 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига мансублиги аниқланмоқда.
Шунингдек, 2 нафар фуқаро турли хил тан жароҳатлари билан Пенза вилояти Кузнецк туманлараро шифохонасига жойлаштирилган.
Пенза вилояти Давлат автомобиль назорати хизмати маълумотига кўра, ҳодисада 1970 йилда туғилган эркак бошқарувидаги «КамАЗ» ва 1996 йилда туғилган эркак бошқарувидаги Cobalt тўқнашган. Оқибатда Cobalt ҳайдовчиси ва унинг икки нафар йўловчиси — 1980 ва 1965 йилда туғилган эркаклар воқеа жойида вафот этган, ушбу транспорт воситасининг яна икки нафар йўловчиси — 1995 йилда туғилган аёл ва эркак (унинг шахси аниқланмоқда) тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳалок бўлганларни ватанга қайтариш ишларини амалга ошириш, шунингдек, жабрланганларга тиббий муолажа кўрсатилишини бош консулхона ўз назоратига олган, дейилади консулхона баёнотида.