Жиззахда юк машинаси, Lacetti ва микроавтобус иштирокидаги ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлди
Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида юк машинаси йўловчи микроавтобус билан тўқнашди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳолат 18 март куни шаҳарнинг Нурлиобод маҳалласидан ўтган А376 халқаро автомобиль йўлида содир бўлган.
Ҳаракатланиб келаётган юк автомашинаси ўзи билан бир йўналишда чапга бурилмоқчи бўлган Lacetti ва қарама-қарши томонда келаётган йўловчи микроавтобус билан тўқнашган.
Zo‘r TV телеканалида маълум қилинишича, 1 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 15 нафар фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалига олиб борилган.
Кўрсатилган ёрдамларга қарамасдан яна 2 нафар фуқаро шифохонада вафот этган.
Вилоят ЙҲХБ хабарига кўра, келгусида бундай ЙТҲларнинг олдини олиш учун юк машинаси ҳайдовчиси ишлайдиган компанияда 120 нафар юк машинаси ҳайдовчиси билан тушунтириш ишлари олиб борилган.