Тошкентда замонавий санъат маркази очилди
Ушбу даргоҳда кўргазма заллари, кутубхона, концепт-стор, таълим майдонлари ҳамда учрашув ва тадқиқотлар учун мўлжалланган жамоат ҳудудлари ўрин олган

Тошкентда замонавий санъат маркази (CCA Tashkent) очилди, деб хабар берди Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.
Ушбу даргоҳда кўргазма заллари, кутубхона, концепт-стор, таълим майдонлари ҳамда учрашув ва тадқиқотлар учун мўлжалланган жамоат ҳудудлари ўрин олган. Қамровининг бу қадар кенглиги уни бутун Марказий Осиё минтақасида шу турдаги биринчи рақамли мажмуа даражасига олиб чиқмоқда.
Янги маданий кластер 1912-йилда қад ростлаган собиқ дизел электр станциясининг тарихий биносида жойлашди. Иншоотнинг меъморий трансформацияси дунёга машҳур «Studio KO» бюроси томонидан амалга оширилди.

Эндиликда бу ерда кўргазмалар, илмий изланиш жараёнлари, маърузалар, очиқ мулоқотлар, фильм намойишлари, концерт ва перформанслар мунтазам ўтказиб борилади.
Мамлакатимизда яна бир шундай нуфузли, замонавий майдоннинг вужудга келгани алоҳида аҳамиятга эга. CCA Tashkent ижодкорлар, кураторлар ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ўзбекистонлик истеъдод эгаларининг янги аудиторияга чиқиши ҳамда хорижий саҳналарда муносиб эътироф топишига замин яратади, — деди Мирзиёева.
Мазкур лойиҳа президентнинг ташаббуслари ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг катта саъй-ҳаракатлари натижасида рўёбга чиқди.





