Вилоятда йилнинг тўрт мавсумида туристларни жалб қилиш учун салоҳият бор — Президент
Қарши шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Давлат раҳбари вилоятда йилнинг тўрт мавсумида туристларни жалб қилиш учун салоҳият бор эканини қайд этди.
«Лекин, бу ҳозир Шаҳрисабз тумани, Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб билан чекланган. Йил бошидан вилоятга 180 минг хорижий сайёҳ келган, холос», — деди Президент.
Хабарга кўра, янги тажриба қилиниб, германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз туманидаги 3 та туризм маҳалласининг мастер-режаси тайёрланган.
Бунда, 450 миллион доллар қўшимча инвестиция ва йилига 1 миллион сайёҳ жалб этадиган инфратузилма яратилмоқда. Натижада тадбиркорларда иштиёқ кучайиб, бу лойиҳаларнинг 367 миллион доллари ёки 81 фоизини уларнинг ўзи тикаяпти.
Буни ҳисобидан Шаҳрисабзни ўзида йилига қўшимча 500 миллиард сўм тушум кутилаяпти, 5 мингта янги доимий иш ўрни пайдо бўлиши қайд этилган.
Мутасаддиларга шу тажриба асосида йил якунигача Қамаши тумани ва Қарши шаҳрида ҳам лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.