Ангренда халқаро «Қизил китоб»га киритилган айиқ отиб ўлдирилди (видео)

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида Ўзбекистон ва халқаро «Қизил китоб»ига киритилган айиқ боласи 2 ноябрь куни отиб ўлдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон MTRKнинг Telegram’даги каналида лавҳа берилди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда кечаси кўчада айиқ юргани акс этган видео тарқалган. Видеода келтирилган изоҳга кўра, айиқ боласи Тошкент вилоятида кўриниш берган.

«Аҳоли пунктида қўнғир айиқнинг сайр қилиб юргани ҳақида видео кенг тарқалди. Қўнғир айиқ Ўзбекистон «Қизил китоби»га ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган жонивор тури хисобланади. Тажовузкор ҳисобланмайди. Ҳар йили иккитадан, биттадан болалайдиган қўнғир айиқ, бу йил учтадан болалаган ҳолати кузатилмоқда.

Аҳоли пунктида бемалол юрганини хисобга оладиган бўлсак, қўнғир айиқ ҳар мавсумда ухлашдан олдин ўзига, танасига ортиқча ёғ ва озуқани ғамлаб олиш учун озуқа излаб, аҳоли пунктига ҳам тушиши кузатилади.

Бугун эрта тонгдан мазкур ҳудудга Ангрен шаҳрининг ‘Навбаҳор’ маҳалла фуқаролар йиғинига инспектор борди», — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев.

Маълумотларга кўра, мазкур айиқ 2 ноябрь куни отиб ўлдирилган. Ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари бошланган.

Аввалроқ Бухорода 10 мингга яқин дайди ва қаровсиз ит, мушуклар йўқ қилингани маълум бўлганди. Шунингдек, Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани, аммо ҳокимият буни рад этаётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар