Aсакада алимент тўламаган ота 15 сутка «ўтириб чиққан»идан кейин ҳам қарзини узмади

Aндижон вилояти Aсака туманида салкам 14 миллион сўмлик алимент қарзини тўламагани сабабли 15 суткага қамалган ота ўтган 4 ой давомида ҳам алимент тўламагани аниқланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бўлими ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Aсака туманлараро судининг 2018 йил 9 февралдаги суд буйруғига асосан М.Ш.дан ундирувчи Ш.Ш. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ой топган иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.

Маълум қилинишича, М.Ш. 13 миллион 668 минг 692 сўм алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаганлиги сабабли Мажбурий ижро бюроси Булоқбоши туман бўлими ходимлари томонидан туман маъмурий судига киритилган тақдимномага биноан унга нисбатан 23 июлда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-модасига асосан 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан хулоса чиқармаган М.Ш. белгиланган жазосини ўтаб бўлгандан сўнг ҳам алиментдан бўлган қарздорлигини тўламай юрган. Натижада қарздор М.Ш.нинг 1 июлдан ноябрга қадар алиментдан бўлган жами қарзи 2 миллион 440 минг 801 сўмни ташкил қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жалақудуқда ота алимент пуллари ўрнига 2 нафар фарзандига уй совға қилгани, Андижонда қарздор ота қарийб 6 миллион сўм алимент тўлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар