«Ёшлар парламенти барибир кўп ҳолларда тадбирлар ўтказадиган органга айланиб қоляпти» – Илёс Сафаров

24 февраль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳисобот мажлисида парламент аъзоси Илёс Сафаров ҳам сўз олиб парламент фаолияти бўйича ўз таклифларини бериб ўтди. Бу ҳақда Tez News мухбири хабар берди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Ўйлашимча, бу тизимда қанчалик кўп ишлар амалга оширилаётганлигига қарамай, Ёшлар парламенти барибир кўп ҳолларда тадбирлар ўтказадиган органга айланиб қоляпти. Парламент ўз номи билан муҳим қонунлар устида ишлаши керак деб ўйлайман. Бу тузилмага ёшлар масалаларида қонунлар қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этиш ва таклиф киритиш ваколатини бериш керак. Тўғри, бу дастуримизда белгиланган бўлиши мумкин, лекин уни конкрет амалиётга киритадиган ваколат берилиши тарафдориман. Бу институт, керак бўлса, Ёшлар ишлари агентлигига мухолиф орган бўлиши керак. Агар Ёшлар парламенти номигагина ташкил этилган тузилмага айланиб қолишини хоҳламасак, мана шу ваколатларни беришимиз керак деб ҳисоблайман», – деди Илёс Сафаров.

Ўз навбатида, Сенат раиси Парламент аъзосининг ушбу фикрларига ўз муносабатини билдириб, ёшларнинг таклиф-тавсиялари шунчаки эшитилибгина қолмай, амалда ҳам акс этишини таъкидлади.

«Мана, жудаям тўғри айтди Илёсжон, биз тадбир ўтказадиган ташкилотга айланиб қолишимиз керакмас. Тадбир ҳам керак, қанақадир лагерларга чиқасизлар, тадбирлар ўтказасизлар, дам оласизлар, бу иш ҳам бўлиши керак. Лекин бу парламент асосан қонунларимизни такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам бериши керак», – дейди Сенат раиси.

Аввалроқ, Ёшлар парламенти мусиқа ва санъат мактабларида пуллик таҳсил олаётган кўзи ожиз болаларни бепул ўқитиш таклифини бергани ҳақида хабар қилган эдик.

Янгиликлар