Бош прокуратура «UzAuto Motors»га нисбатан жиноий иш очишни рад этди

Бош прокуратура 5 ноябрь,  куни «UzAuto Motors»га нисбатан жиноий иш очишни рад этди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 2020 йилнинг 21 август куни Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган текширув якунлари бўйича «UzAuto Motors»да қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли бош прокурорга «Депутатлик сўрови» юборган эди.

Расул Кушербаевнинг ёзишича, «Депутатлик сўрови» ўзи, Дониёр Ғаниев, Нодир Жумаев, Бекмирза Эшмирзаев, Зафар Жалолов, Анвар Темиров томонидан юборилган. Унда масалани Бош прокуратура маҳкамаси томонидан ўрганиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ўз нуқтайи назарини баён этиш сўралган.

«Кўпчилик сайловчиларни қизиқтираётган сўров юзасидан 2020 йилнинг 4 ноябрь куни бош прокурор ўринбосари имзоси билан хабарнома шаклида жавоб хати олдик.

Бош прокуратура томонидан 2020 йил 28 октябрь санаси билан рўйхатдан ўтказилган хабарномада ‘UzAuto Motors’ акциядорлик жамиятида ўтказилган текширишда тўпланган ҳужжатлар бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилганлиги, агар текширишдан норози бўлсак, қарор устидан шикоят қилишимиз мумкинлиги маълум қилинган», — деб ёзади Расул Кушербаев.

Кушербаевнинг маълум қилишича, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши, сўровга жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 2020 йилнинг июль ойи охирларида Монополияга қарши кураш қўмитаси «UzAuto Motors» АЖга нисбатан иш қўзғатганди.

Ўз навбатида, «UzAuto Motors» баёнот билан чиқиб, автомобиллар нархи асосли ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсиз эканини маълум қилди. Сентябрь ойи ўрталарида «UzAuto Motors» монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан компанияга асоссиз оширилган нархларни бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатмасини ўз ичига олган қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилди.

Аввалроқ «UzAuto Motors» Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан судга шикоят қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар