Монополияга қарши курашиш қўмитаси «UzAuto Motors»га қарши судда ютқазди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси «UzAuto Motors»га қарши 30 октябрь, жума куни бўлиб ўтган судда ютқазди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар маъмурий судида «UzAuto Motors» акциядорлик жамиятининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бўлиб ўтган.

Таъкидланишича, ушбу маъмурий иш судья Ғ. Давлатов раислигида кўриб чиқилган Очиқ суд мажлисида дастлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, ишни кўришда жамият истеъмолчиларини ҳамда «Азимавтомотиве» масъулияти чекланган жамиятини мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилишни сўраган.

Мазкур илтимоснома тарафлар ўртасида муҳокама қилингач, суднинг ажримига асосан жамият истеъмолчилари сони ва шахси аниқ эмаслиги ҳамда шикоят талаби уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита таъсир кўрсатмаслиги сабабли илтимосномани қаноатлантириш рад этилган. Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили судга иккинчи илтимоснома билан мурожаат қилиб, «UzAuto Motors» акциядорлик жамияти вакили Н. Отахонованинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўраган.

Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралгач суднинг якуний ҳал қилув қарори эълон қилинганда тушунтириш берилиши маълум қилинган. Шундан сўнг тарафларнинг асосий шикоят аризаси юзасидан фикрлари тингланиб, музокара сўзига киришилган.

Дастлаб музокара сўзида аризачи «UzAuto Motors» вакиллари ўз фикрларини билдирган. Сўнгра музокара сўзида жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини айтган. Ишда иштирок этувчи Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчисининг иш юзасидан шикоят аризасини қаноатлантириш ҳақидаги музокара сўзи тингланган.

Музокора сўзига чиққанларнинг фиклари тинглангандан сўнг суд ҳал қилув қарори қабул қилиш учун маслаҳатхонага кирган.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи «UzAuto Motors»нинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи «UzAuto Motors» фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 230 000 сўм ва 20 000 сўм почта харажатлари ундириш белгиланган.

Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилган.

Суд сўнггида раис ушбу ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг тарафларга нима сабабдан суд мазкур хулосага келганлиги ва суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан шикоят келтириш муддати ҳамда тартиби тўғрисида тушунтириш берган.

Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси «UzAuto Motors»га нисбатан иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинчалик «UzAuto Motors»га нисбатан қўзғатилган иш видеоконференсалоқа тартибида кўриб чиқилгани ва корхонага нисбатан қўзғатилган иш давомида аниқланган дастлабки қонун бузилиш ҳолатлари маълум қилинганди. Шунингдек, Расул Кушербаев «UzAuto Motors» иши юзасидан компаниянинг бирорта вакили ҳам қатнашмаганини айтган.

Бундан ташқари, «UzAuto Motors» автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз эканлигини таъкидлаган. Сўнгра «UzAuto Motors» Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан судга шикоят қилган.