Бухорода 287 та археология ёдгорлиги давлат муҳофазасига олинган
Бухоро вилояти ҳудудида 287 та археология ёдгорлиги давлат муҳофазасига олинган. Бу ҳақда вилоят маданий мерос бошқармаси «Tez News»га хабар берди.
Маълум бўлишича, ўтган йиллар давомида Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти билан ҳамкорликда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда вилоятдаги Пойкент, Вардонзе, Ромитан ва Арк қўрғони, Кампирдевор тизими ёдгорликларида қўшма халқаро экспедициялар олиб борилган.
Шу ўринда, ҳозирги пандемия даврида вилоят ҳудудида жойлашган археология ёдгорликларини ўрганиш мақсадида халқаро экспертларнинг Ўзбекистонга келиши имкони бўлмаса-да, Миллий археология маркази билан ҳамкорликда амалдаги қонун ҳужжатларига биноан шаҳар ҳудудида жойлашган Шаҳристон бозорининг бир неча майдонларида археологик тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусасан, қазишма ишлари шимолий майдонининг турли жойларида тўртбурчак лой ғиштдан қурилган Бухоронинг эски шаҳристони деворининг қолдиқлари аниқланган.
Илк ўрта асрлар шаҳар деворининг ташқи томони бўйлаб нон печлари қолдиқлари, тандир, сопол канализация шохобчалари қувурлари, бадраплар аниқланган. Ўрта асрлар шаҳарлари аҳолиси маданияти, ҳаёти, тарихи ҳақида маълумот берувчи IV—XIX асрларга оид сирланган ва сирланмаган сопол идишлар топилган. Олиб борилаётган изланишлар Бухоро ҳудудидаги қадимий шаҳарлар тарихининг ўрганилмаган жиҳатларини очиб бермоқда. Ҳозирда Бухоронинг эски Шаҳристон бозори ўрнида археологик тадқиқотлар давом этмоқда, дейилади бошқарма хабарида.
Аввалроқ Бухорода давлат муҳофазасига олинган маданий мерос объектлари сони маълум қилингани ва Бухородаги 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрлангани маълум қилинганди. Кейинчалик Бухородаги оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектида қайта тиклаш ишлари бошлангани ҳақида хабар қилинганди.