Бухорода давлат муҳофазасига олинган маданий мерос объектлари сони маълум қилинди

Бухоро вилоятида жами 829 та моддий-маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Бу ҳақда Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқилова 27 октябрда ўтказилган Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида маълум қилди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, муҳофазага олинган объектлардан 287 таси археология ёдгорликлари, 31 таси мадраса, 105 таси масжид, 14 таси мақбара, 133 таси архитектура ансамбллари (таркиби билан), 15 таси карвонсарой, 4 таси тим ва тоқлар, 18 таси диққатга сазовор жойлар, 122 таси қадимий уй-жойлар, 83 таси архитектура ёдгорликлари, 17 таси монументал ёдгорликлар ҳисобланади.

Шунингдек, вилоятда ансамбллар таркиби билан ҳисоблаганда 713 та (ансамбллар таркибини очиб ҳисоблаганда 829 та) маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилган ва 100 фоиз объектларнинг давлат кадастрлари ягона тизими (ДКЯТ)га жойлаштирилган.

Бунга қўшимча, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти илмий эксперт кенгашининг йиғилишиларида Бухоро вилояти бўйича жами 64 та объект бўйича лойиҳа таклифлари кўриб чиқилган бўлиб, 44 та лойиҳа камчиликларни қайта тузатиш учун қайтарилган ва 23 та лойиҳага ижобий жавоб хатлари берилган.

Аввалроқ маданият вазири ўринбосари Бухородаги тарихий ёдгорликлар реставрацияси билан танишгани, Бухорода туризм салоҳиятининг 2016—2020 йиллардаги ўсиш динамикаси тақдим этилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар