Бухорода Миллий гвардия собиқ ходимининг ахлоқий бузуқлиги ва танишларини ишга киритиб қўйишни ваъда қилгани аниқланди
Миллий гвардия матбуот хизмати 29 октябрь куни Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси ҳарбийлаштирилган гуруҳи собиқ назоратчиси Д.Ф.нинг Telegram ижтимоий тармоғи орқали тарқалган видеомурожаати юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, фуқаро Д.Ф. 2020 йилнинг 20 октябрь куни Telegram ижтимоий тармоғи орқали видеомурожаат қилган. Унда коррупцияга қарши курашишда ҳиссаси борлиги, олий маълумотли эканлиги, спорт устаси ва Ўзбекистон чемпиони бўлгани, маънавий-маърифий соҳада китоб ёзгани ҳамда босим ўтказилганлиги учун ўз хоҳиши билан ишдан бўшаганлигини айтиб ўтган. Шунингдек, ишга қайта тикланишида ёки уни ва баъзи айбдор мутасадди ходимларни биргаликда жазога тортишда ёрдам сўраган.
Миллий гвардия Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармасига кўра, Д.Ф. 2018 йилнинг 28 ноябрь куни Бухоро вилояти Қўриқлаш хизматига сафдор ходим сифатида ишга олинган. 2019 йилнинг сентябрь ойида ўзига нотаниш бўлган фуқарони Қўриқлаш хизматига ишга киришида ёрдам беришни ваъда қилган. Бу билан фуқарода ишга кириш таниш-билишчилик орқали амалга оширилиши тўғрисида нотўғри фикрларни пайдо бўлишига олиб келганлиги, ўзини вазифасига кирмайдиган ишлар билан шуғулланиб юрганлиги учун унга «қаттиқ хайфсан» интизомий жазоси берилган.
Шундан сўнг Д.Ф. билан Шахсий таркиб бўйича инспекция ҳамда Кадрлар, Ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўлими ходимлари томонидан хизмат интизомини ва қонунчиликни таъминлаш юзасидан тарбиявий-профилактик ишлар олиб борилган. Бироқ шунга қарамай, 2020 йилнинг август ойида Д.Ф.нинг ахлоқсиз хатти-ҳаракатлари юзасидан Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармасига фуқаро О.Ш. томонидан ёзилган шикоят аризаси келиб тушган.
У ўз мурожаатида Д.Ф. билан 2020 йилнинг май ойидан бери таниш эканлиги ва ўзаро яқин ҳамда ишқий муносабатда бўлиб келганлигини маълум қилган. Шунингдек, 2020 йилнинг июль ойларида Д.Ф. томонидан О.Ш.ни ўз уйида қўл телефони орқали аёл номусини булғашга ундовчи видеотасвир олганлигини айтган.
Хабарда айтилишича, бу муносабатлардан Д.Ф.нинг турмуш ўртоғи М.А. хабар топгач, жанжал кўтарганлигини, бу ишларни тинчитиш учун О.Ш. ундан бир миллион сўм пул сўраганлигини, Д.Ф. эса унга 470 000 сўмни вақти-вақти билан бўлиб берганлиги ва бир миллион сўмга Samsung русумли қўл телефонини қарзга сотиб олиб берганлигини айтган. Бундан ташқари, ўрталарида 200 АҚШ доллари ва 1 миллон сўм олди-берди пуллари учун тилхатлари борлигини маълум қилган.
Мазкур мурожаат ва аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли тартибда белгиланган хизмат текшируви ўтказилаётган вақтда Д.Ф. ушбу вазиятнинг хизмати шахсий ҳаётига салбий таъсир кўрсатишидан қўрқиб, ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза билан вилоят Қўриқлаш бошқармасига мурожаат қилган. Ўз ўрнида, Қўриқлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан ходимнинг қатъий бир тўхтамга келган қарорини ҳисобга олган ҳолда оиласи сақланиб қолишини ҳамда икки нафар вояга етмаган фарзандларини келажагини ўйлаб, Д.Ф. ўрнатилган тартибда ишдан бўшатилган.
Қайд этилишича, Д.Ф. хизмат даврида коррупцияга қарши курашишда жонбозлик қилмаганлиги ва ҳеч қандай спорт тури бўйича чемпион эмаслигини, видеомурожаатдаги чиқиши уйдирмалардан иборат бўлиб, мақсади ўзига атрофдагиларнинг эътиборини жалб қилиш эканлигини билдирилган.
Аввалроқ Учқўрғонда ИИБ ходимлари ҳайдовчига куч билан тиббий ниқоб тақтирмоқчи бўлгани ва вилоят ИИБ ҳолат бўйича муносабат билдиргани ҳамда Попда ички ишлар ходими ерни ноқонуний эгаллаб олган эркакка тан жароҳати етказгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Андижонда гумонланувчини қийнаб ўлдирган ИИБ ходимлари устидан тергов ҳаракати тугагани маълум қилинганди.