Бухоролик тадқиқотчи Италиядаги университетда дисcертация ёқлади

Бухоро давлат университети талабаси Зиёдулла Нуров Эрасмус+ академик мобиллик дастури доирасида Италиядаги Aквила университетида дисcертация ёқлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, Бухоро давлат университетида бир қанча етакчи хорижий олий таълим муассасалари қаторида Италиянинг Aквила университети билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Университетнинг Эрасмус+ академик мобиллик дастури доирасида Aквила университетига Зиёдулла Нуровнинг илмий изланишлари италиялик олимларда қизиқиш уйғотганлиги сабабли унинг фалсафа доктори дисcертацияси учун қўш раҳбарликни амалга ошириш таклиф қилинган эди. Имзоланган келишув асосида диссертацияга Aквила университетидан профессор Луижи Бижиеро, Бухоро давлат университетидан Aброр Жўраев илмий раҳбар сифатида тайинланган.

Қайд этилишича, Эрасмус+ академик мобиллик муддати тугаганидан сўнг Зиёдулла Нуров «Эл-юрт умиди» жамғармаси танловлари ғолиби сифатида Aквила университетида илмий фаолиятини давом эттирди. У ўз диссертацияни италиялик иқтисодчи олимларидан ташкил топган ихтисослашган кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилган ҳамда у иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори илмий даражасига лойиқ деб топилган. Диссертация нусхалари Милан ва Флоренция шаҳарларидаги илмий кутубхоналарга жойлаштирилган.

Хабарда айтилишича, 30 октябрь куни Бухоро давлат университети илмий кенгашида университет ректори фалсафа доктори дипломини топширган. Шунингдек, ректор айни пайтда Испания университетлари докторантурасига яна икки нафар тадқиқотчи қабул қилинганлигини, хорижий ҳамкорлар билан қўшма раҳбарлик асосида диссертациялар тайёрлаш ишлари давом эттирилиши ва тўлиқ қўллаб-қувватланишини таъкидлаб ўтган.

Aввалроқ Бухоро давлат тиббиёт институтида диссертация ҳимоя қилиш илмий кенгаши иш бошлагани ҳамда Ўзбекистон IDUAI форумига таклиф этилган ягона мамлакат бўлгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар