Олмалиқда ўтказилган халқаро илмий кенгашда илк маротаба ўзбекистонлик олим дисcертация ёқлади
Москва пўлат ва қотишмалар институти «МИСиС»нинг Миллий тадқиқотчилик технологик университети Олмалиқ филиалида 16 октябрь куни Халқаро илмий кенгашда Техника фанлари доктори илмий даражасини бериш бўйича докторлик ҳимояси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ қабулхонаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, Халқаро илмий кенгаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестасия комиссиясининг 2019 йилдаги қарорига мувофиқ ташкиллаштирилган. Mазкур халқаро илмий кенгаш аъзолари 2018 йилда Халқаро тоғ-кон Конгресси доирасида таъсис этилган Евроосиё тоғ-кон фанлари академияси ҳамда металлургия иши бўйича дунёнинг 100 та энг етакчи илмий ва тадқиқот марказлари сирасига кирадиган Москва пўлат ва қотишмалар институти 12 нафар олим эканлиги таъкидланган.
Шунингдек, ҳимоя диссертант Н.A. Aбдуазизовнинг «Тоғ-кон машиналари» ихтисослиги бўйича «Очиқ кон экскаваторларининг гидравлик тизимларини оптималлаштириш асосида уларнинг самарадорлигини ошириш услубларини ишлаб чиқиш» мавзусида бўлиб ўтган.
Маълум қилинишича, МИСиС Миллий тадқиқотчилик технологик университетининг Олмалиқ филиалида «Геотехнология (очиқ, ерости ва қурилиш)», «Тоғ-кон машиналари», «Таълим-тарбия назарияси ва методикаси», «Маркшейдерия» ҳамда «Тоғ-кон ишлаб чиқаришида физик жараёнлар» каби ихтисосликлар бўйича илмий диссертасияларни ҳимоя қилиш имкони мавжуд.
Маълумот учун, Москва пўлат ва қотишмалар институти (МИСиС) Миллий тадқиқотчилик технологик университетининг Олмалиқ филиали 2018 йилда республика саноати учун юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.
Aввалроқ Бухоро давлат тиббиёт институтида диссертация ҳимоя қилиш илмий кенгаши иш бошлагани ҳамда Ўзбекистон IDUAI форумига таклиф этилган ягона мамлакат бўлгани ҳақда хабар берилганди.