Чирчиқда муҳтож оилаларга истеъмолга яроқсиз колбаса маҳсулотлари тарқатилгани юзасидан прокуратура изоҳ берди

Тошкент вилоят ҳокимлиги «Чирчиқ шаҳридаги 23-маҳаллада колбаса тарқатилди. Муҳтож оилаларга қачонгача муддати ўтган нарсаларни тарқатишади?» сарлавҳали хабар юзасидан расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, колбасанинг яроқлилик муддати 2015 йилда тугаган.

«Бизга тадбиркор алоқага чиқиб, эҳсоним бор, пандемия пайтида инсонларга қувват бўлсин, колбаса маҳсулотларини тарқатиб беринг, деди. Биз колбасанинг ҳолатини кўрдик, музлатгичдан олиб, 35 дақиқада «Маданият» маҳалласидаги умумий ётоқхонага бордик. Биз у ерга илгари ҳам ёрдам берганмиз. Колбаса ва нон маҳсулотларини топшириб кетдик. Бундан ҳокимиятнинг хабари ҳам бўлмаган», — дейди «Сахий инсонлар, бирлашамиз» гуруҳининг раҳбари Ҳамраев Отабек.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоролик юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижаларга кўра, МЧЖ томонидан «Сахий инсонлар, бирлашамиз» Telegram канали кўнгиллиларига колбаса маҳсулотлари ҳайрия сифатида тақдим этилган. Ушбу кўнгиллилар томонидан Чирчиқ шаҳар «Маданият» маҳалласи фуқароларига хайрия сифатида колбаса маҳсулотлари тарқатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари амалга оширилмоқда. Колбаса маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган ва ушбу маҳсулотлар лабаратория текшируви ўтказилиши учун тегишли ташкилотга тақдим этилган. Лабаратория натижаларига кўра Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан қонуний чора кўрилиши таъминланади», — деб изоҳ билдирди шаҳар прокурор ёрдамчиси Нуралибек Қурбанбаев.

Aввалроқ Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимларига қўшимча рағбат тўланмагани ҳақдаги хабарларга изоҳ берилгани, Чирчиқдаги тиббиёт ходимларига устама ҳақлари белгиланган тартибда берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар