Фарғонада «Сўх воқеалари»да иштирок этган 22 нафар шахс устидан суд жараёни бошланди
Фарғона вилоятининг Сўх туманида қўшни давлат фуқаролари билан сув масаласидаги можарода иштирок этган 22 нафар шахс устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур 22 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилинган.
Мавзуга доир: Сўхлик блогернинг адвокати ва вилоят прокуратураси унинг ҳибсга олиниши бўйича изоҳ берди
Таъкидланишича, судланувчилар орасида икки нафар вояга етмаган шахс ҳам бор. Шунингдек, суд иши белгиланган вақтда ўтказилмаган. 10 ноябрь, душанба куни соат 10:00 да ўтказилиши айтилган суд мажлиси шу куни соат 15:00 да бошланган.
Қайд этилишича, карантин чекловлари муносабати билан суд мажлисида ҳар бир судланувчининг икки нафардан яқин қариндоши иштирок этишига рухсат берилган. Маълум қилинишича, суд ўз ишини 16 ноябрь куни соат 10:00 да давом эттиради.
Аввалроқ Сўхдаги тартибсизликлар ортидан 6 киши қўлга олингани, улар орасида Фарғона ҳокимининг истеъфосини сўраган блогер ҳам борлиги хабар қилинган эди.