Фарғонада сўнгги 10 ой давомида нечта хотин-қиз иш билан таъминлангани маълум бўлди

Фарғона вилоятида 2020 йилнинг январь—октябрь ойлари давомида 288 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Бу ҳақда вилоят Прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур давр давомида вилоатдаги хотин-қизларнинг ёрдамга муҳтож 147 нафарига 53 миллион сўмлик моддий ёрдам, 9 нафарига даволаниш учун йўлланма, 5 нафарига ногиронлик аравачаси берилган, ва 33 нафарига бошқа амалий ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги иштирокини ошириш мақсадида 11 нафар хотин-қизга 201 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам берилган.

Хабарга кўра, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш борасида масъул идоралар ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирлар давомида 706 та ҳолатда оилавий ажрашишларнинг олди олинган. Шунингдек, 296 нафар хотин-қизнинг оиласи нотинч хонадонлар рўйхатидан чиқарилган.

Таъкидланишича, ўтказилган назорат тадбирлари давомида 26 нафар хотин-қизнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилган. Аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан жойларга 3 та тақдимнома киритилган ва 7 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

Бундан аввал Наманган шаҳрида 54 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминлангани ва шаҳар ҳокимлиги 48 та кам таъминланган оилага тикув машинаси тарқатгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Пешкуда ўтказилган сайёр қабулда 4 нафар аёл иш билан таъминлангани ҳамда Ургутда 25 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга 100 миллион сўмлик қурилиш материаллари тарқатилгани маълум қилинган.

Янгиликлар