Фарғонада сўнгги 8 ойда нечта эҳтиёжманд фуқарога уй олиш учун субсидия ажратилгани маълум бўлди

Фарғона вилоятида сўнгги 8 ойда уй олиш учун 829 нафар эҳтиожманд фуқарога субсидия ажратилди. Бу ҳақда вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг март ойидан кам таъминланган, уй-жойга муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган шахсларга уй сотиб олиш учун субсидиялар тўлаш тартиби белгиланган.

Қайд этилишича, вилоятда субсидия олиш бўйича жами 4116 нафар фуқародан аризалар келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 2441 таси 19 туман ва шаҳарлардаги тузилган комиссия аъзолари томонида рад этилган ва 761 та ариза ижобий қабул қилинган. Шунингдек 829 нафар эҳтиёжмандларга субсидиялар ажратилган.

Бундан ташқари, мазкур мурожаатларнинг 476 таси белгиланган тартибда бекор қилинган ҳамда 308 та ариза кўриб чиқилмоқда.

Маълумот учун, субсидия олиш масаласида энг кўп Фарғона шаҳридан 749 дона ариза келиб тушган.

Бундан аввал Бухоро шаҳрида салкам 500 нафар субсидия олувчига квартиралар ажратилиши ва Қўштепада наслли чорвачилик билан шуғулланувчи фермага 400 миллион сўм субсидия берилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Бухорода 900 дан ортиқ фуқарога уй-жой олиш учун субсидиялар ажратилиши ҳамда Иштихонда эҳтиёжманд фуқароларга иссиқхона фаолиятини ташкил этиши учун 1 миллиард сўмдан ортиқ субсидия берилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар