Қўштепада наслли чорвачилик билан шуғулланувчи фермага 400 млн сўм субсидия берилди

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги кўп тармоқли фермалардан бирига 2020 йилнинг август ойида Эстониядан келтирган 300 га яқин наслли қорамол учун 400 миллион сўм субсидия берилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш жараёнлари билан танишиш бўйича ўтказилган инфо-тур давомида маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Қўштепа тумани «Истиқлол» маҳалласида 1995 йилда ташкил этилган «Шукур Давлат» кўп тармоқли хусусий фермаси чорвачилик ҳамда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланади. Лойиҳа ташаббускори укасининг сўзларига кўра лойиҳа учун ажратилган ер майдони 155 гектарни ташкил этиб, шундан экин майдонлари 146 гектарга, ишлаб чиқариш майдони 90 минг квадрат метрга тенг.

«Акам мана шу фермага тонгда кирганларича то кун қорайиб, кечаси 11—12 бўлса ҳамки, чиқмай юраверадилар. Мен эса буларга ажратилган ерларда озуқа базасини яратиш учун далада бўламан.

Фото: «Tez News»

Фермадаги қорамоллар, асосан, Германия, Австрия ва Венгрия давлатларидан олиб келинган. Шунингдек, шу йил август ойида ҳам Эстониядан 297 бош қорамол олиб келдик. Фермамиздаги 250 бошдан ортиқ мол гўшт ва сут учун боқиладиган моллардир. Буларни парвариш қилиб, зотидан кўпайтириб, маҳаллийлаштириб, аҳолига етказамиз. Яна сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехимиз ҳам мавжуд.

Фото: «Tez News»

Бир сигирдан кун давомида 20 литргача сут соғиб оламиз. Бир молдан эса 250—400 килограммгача гўшт олишимиз мумкин. Ҳозирги кунда ички бозорга 55 минг сўмдан гўшт етказиб беряпмиз. 60 минг сўмлик гўштимиз ҳам бор. Улар ангус зотли моллар бўлгани учун бизга ҳам таннархи қиммат ҳолатда кириб келган, шу сабали ҳам бир оз қиммат ҳисобланади», — дейди фермер ҳўжалиги раисларидан бири Давлат Саидалиев.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Хозирги кунда фермадаги наслли қорамоллар сони 1000 дан ортиқ бўлиб, кунига 6 тоннагача сут олишга еришилган. Йил охирига келиб, бу кўрсаткич 1200 та қорамолга, сут олиш кунига 10 тоннагача етказилиши кўзда тутилган. Таъкидланишича, наслчилик мақомига эга бўлган фермерлар барча солиқ турларидан озод этилган. Шунингдек, ферма фаолиятининг биринчи йилги ишлаб чиқариш маҳсулотларнинг 10—20 фоизи, кейинги йиллари 30—40 фоизгача қисми қўшни давлатларга экспорти амалга оширилиши режалаштирилган.

Фото: «Tez News»

Маълумот ўрнида, Фарғона вилоятидаги қорамолчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари сони 675 тани ташкил этади. Йил давомида жами 173,3 минг тонна гўшт, 1143,7 минг тонна сут маҳсулотлари етиштирилади.

Фото: «Tez News»

Аввалроқ Фарғонада 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум қилинганди. Унга кўра вилоят аҳолиси учун ноябрь ойидан 2021 йилнинг май ойига қадар бўлган даврда 35,7 минг тонна мол ва қўй гўшти талаб этилади.

Янгиликлар