Фоторепортаж: Самарқандда «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони ўтказилди
Самарқанд шаҳрида 1 ноябрь, якшанба куни Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони ўтказилди. Бу ҳақда марафонда иштирок этган «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Иккинчи бор ўтказилган «Samarkand Half Marathon»да жами 43 нафар (31 нафари эркаклар, 12 нафари аёллар) профессионал спортчилар иштирок этди. Югуриш трассаси 21 километр масофадан иборат бўлиб, у Регистон майдонидан бошланган ва Самарқанднинг Бибихоним, Афросиёб, Ҳазрати Ҳизр, Хўжа Дониёр мақбараси, Улуғбек ва Шоҳизинда расадхоналари тарихий обидаларидан ўтди.
Марафоннинг очилишида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Самарқанд вилоят ҳокими Эркин Турдимов барча иштирокчиларни табриклади.
Қайд этилишича, эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда 2020 йилги марафон дастурининг спорт қисми икки хил шаклда — Самарқанддаги классик усулдаги югуриш мусобақаси ва Ўзбекистонга келиб иштирок эта олмайдиган спортчилар учун виртуал мусобақа шаклда ташкил этилди.
Мусобақа натижаларига кўра, аёллар орасида сурхондарёлик Ситора Ҳамидова биринчиликни қўлга киритиб, аввалроқ ўзи ўрнатган полумарафон бўйича Ўзбекистон рекордини янгилади. У старт чизиғини 1 соат 11 дақиқаю 58 сонияда босиб ўтди. Шунингдек, жиззахлик Марина Хмелевская иккинчи, фарғоналик Екатерина Тунгускова учинчи бўлиб маррага етиб келди.
Эркаклар ўртасидаги баҳсларда эса масофани 1 соат 5 дақиқаю 42 сонияда босиб ўтган тошкентлик 34 ёшли Андрей Петров ғолиб бўлди. Ундан 20 сония ортда қолган 24 ёшли сурхондарёлик Шоҳруҳ Давлатов иккинчи, 2000 йилда туғилган самарқандлик Тошқувватов Отабек учинчи бўлди.
Бундан ташқари, мусобақада кўнгиллилар учун қисқа масофа белгиланиб, унда мусобақа ташкилотчилари, кўнгиллилар ҳамда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам югурди.
Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, онлайн марафонда 35 давлатдан профессионал ва ҳаваскор спортчилар қатнашади. Шунингдек, виртуал пойга формати иштирокчиларга жой ва масофани танлаш эркинлигини беради ва натижалар «Strava» иловасида қайд этилган маълумотларга мувофиқ қабул қилинади. Яриммарафон дастурига «Скандинавча юриш» бўйича мусобақалар қўшилган.
Эркаклар ва аёллар ўртасидаги баҳсларда ғолиб бўлганлар 12 миллион сўмдан мукофот пули берилди. 2—5 ўрин соҳиблари эса 8, 6, 5 ва 4 миллион сўмдан мукофот, шунингдек, эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолибларни Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов тақдирлади.
Маълумот ўрнида, ярим марафондан тушган маблағлар аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини ташкил қилишга сарфланиши режалаштирилган. Шу билан бирга, хайрия югуришини ўтказиш Ўзбекистонда маданият ва санъат объектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва спорт туризмини ривожлантириш масалаларини ҳал қилишда ёрдам беради.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Бухорода ҳам «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Марафон вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилиб, унда жами 5000 дан ортиқ иштирокчи қатнашган.