Тошкентда иккита электробус тўқнашди
Яшнобод туманидаги бекатда 28- ва 44-сонли автобуслар тўқнашиб кетди.

Қайд этилишича, ҳолат 7 феврал куни соат 11:00 ларда рўй берган. Унда «1-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги 28-сонли автобус ҳайдовчиси Х.А. автобусни Яшнобод тумани Махтумқули кўчаси бўйлаб бошқариб келиб, «Успенский номидаги мусиқа мактаби» бекатига тўхтатган.
У шу бекатда тўхтаб йўловчи тушираётган «5-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 44-сонли автобус билан ёнлама оралиқ масофани сақламаган. Оқибатида 28-сонли автобуснинг ўрта эшик қисми ҳамда 44-сонли автобуснинг чап томон орқани кўриш ойнасининг корпус қисми билан бир-бирига тегиб қирилган. Содир этилган тўқнашувда ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.

