Қорақалпоғистонда беш киши ис газидан вафот этди
Қорақалпоғистонда ис газидан заҳарланган оила аъзолари вафот этди. Бу ҳақда республика прокуратураси хабар бермоқда.
Хабарга кўра, 6 март куни соат 11:30 ларда Тўрткўл тумани Янгиобод МФЙда яшовчи фуқаро И.У. ва унинг қизлари Р.С., Р.А. ва ўғли Р.М. ҳамда ушбу хонадонга меҳмонга келган А.Ш. хонадонда ўрнатилан иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Тўрткўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Тўрткўл тумани ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва жиноят ишининг тергови Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.