Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 1 ноябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» маълумотларига кўра дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 46,1 миллиондан ошди.

«Worldometers»нинг 1 ноябрь, якшанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 46 644 297 киши;
  • касалликдан тузалганлар 33 621 219 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар 1 203 268 кишини ташкил этади.

Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 276 457 та касалланиш ҳамда 3525 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 1 ноябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 67 156 тани ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатда 1 ноябрь куни 224 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 104 таси Тошкент шаҳрида, 61 таси Тошкент вилоятида, 16 таси Сирдарё вилоятида, 13 таси Андижон вилоятида, 8 таси Самарқанд вилоятида, 6 таси Қорақалпоғистонда, 5 таси Қашқадарё вилоятида, 5 таси Наманган вилоятида, 4 таси Сурхондарё вилоятида ҳамда 2 таси Навоий вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 570 нафарга етган. 1 ноябрь куни 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 87 нафар, Тошкент вилоятида 82 нафар, Сирдарё вилоятида 18 нафар, Андижон вилоятида 15 нафар, Самарқанд вилоятида 10 нафар, Қорақалпоғистонда 6 нафар, Наманган вилоятида 6 нафар, Қашқадарё вилоятида 4 нафар, Навоий вилоятида 3 нафар, жами 231 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 67 156 нафар бемордан 64 466 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2120 нафар бемордан 263 нафари оғир, 69 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 31 октябрь куни 227 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Хабар қилинишича, олимлар кўзойнак таққан одамларга COVID-19 юқиш эҳтимоли беш баравар камлигини аниқлаган. Бундан ташқари, россиялик иммунолог коронавирусга қарши эмлашнинг зарарлари ҳақида гапиргани маълум қилинганди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 9 431 536 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (8,2 миллион киши), Бразилия (5,5 миллион киши), Россия (1,6 миллион киши), Франция (1,3 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 46,6 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 1 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 112 418 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 106 400 нафари тўлиқ соғайган, 1825 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 465 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Reuters»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 37 962 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 787 нафари тузалган, 402 нафари вафот этган.

Қирғизистонда 1 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 58 878 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 49 983 нафари соғайиб, 1144 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 7751 киши коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 1 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 11 054 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 10 283 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 82 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 37 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 1 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 636 781 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 225 673 нафари соғайган, 28 235 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 18 665 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 245 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «The Mosow Times»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 46,1 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар