Коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасини дунё мамлакатларига тарқатиш бошланди — ОАВ
Америка Қўшма Штатларининг «United Airlines» авиакомпанияси дунё мамлакатларига коронавирусга қарши «Pfizer» вакцинасини етказиб беришни бошлади. Бу ҳақда «Wall Street Journal» хабар берди.
Маълум қилинишича, «Pfizer» компанияси вакцинани АҚШнинг Мичиган ва Висконсин штатлари, шунингдек, Бельгия ва Германиядаги омборлари орқали тарқатишни режалаштирган. Вакцинани ташишга ўнлаб самолётлар жалб этилмоқда. Нашр манбасининг ёзишича, улар кунига юзлаб парвозларни амалга оширади. Шунингдек, бошқа бир қатор йўловчи ва юк ташувчи авиакомпаниялар ҳам вацинани ташишга тайёрланмоқда.
Таъкидланишича, препаратни етказиб бериш АҚШнинг FDA (озиқ-овқат ва фармацевтика идораси) регулятори вакцинани ҳали тасдиқламаганига қарамай, бошлаб юборилган.
Аввалроқ АҚШнинг «Pfizer» компанияси яратган COVID-19’га қарши вакцинанинг салбий томони маълум бўлгани, шундан сўнг компания фавқулодда фойдаланиш учун ўз вакцинасини озиқ-овқат ва фармацевтика идорасида рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, самарадорлиги 90 фоиздан юқори бўлган бу вакцинанинг нархи маълум қилинган. Унга кўра, вакцинанинг Европа Иттифоқи мамлакатлари учун нархи бир дозаси учун 15,5 еврони (18,34 доллар) ташкил этади.