АҚШда аҳолини COVID-19’га қарши эмлаш санаси маълум қилинди

АҚШ аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш кампанияси 11 декабрда бошланади. Бу ҳақда АҚШ президентининг вакцина ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатчиси Монсеф Слауи маълум қилди.

Фото: «Associated Press»

Унинг сўзларига кўра, «Pfizer» фавқулодда фойдаланиш учун ўз вакцинасини озиқ-овқат ва фармацевтика идорасида (FDA) рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилган. Ушбу масала бўйича йиғилиш 10 декабрга белгиланган.

«Биз дори маъқулланганидан кейин 24 соат ичида эмлаш пунктларига вакциналар партияларини юборишни бошламоқчимиз, шу сабабли маъқулланганидан кейин бир ёки икки кун ўтиб, 11 ёки 12 декабрда эмлаш бошланса керак, деб тахмин қиляпман», — деди Слауи.

Шунингдек, у одамлар вакцинанинг самарадорлигига шубҳа қилишни бас қилишига умид билдирди. Слауининг фикрича, кўпчилик FDA томонидан белгиланган «дори самарадорлигининг минимал зарур даражаси» (50 фоиз) кўрсаткичини нотўғри тушуниб, буни вакцинанинг самарадорлик даражаси деб ўйлаган.

Аввалроқ Трамп АҚШ аҳолиси қачон COVID-19ʼга қарши вакцина билан тўлиқ таъминланишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунигдек, АҚШда ишлаб чиқариладиган «Moderna» вакцинаси нархи маълум бўлганди.

Янгиликлар