«Pfizer» вакцинасини АҚШда соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди

«Pfizer» ўзининг COVID-19’га қарши вакцинасини АҚШда соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: John Nacion

Таъкидланишича, ноябрь ойининг бошларида «BioNTech» ва «Pfizer» ишлаб чиқараётган «BNT162b2» вакцинаси синовларда 90 фоиздан юқори самарадорлик кўрсатгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик компаниялар препаратнинг самарадорлик рейтингини 95 фоизга кўтарди.

«‘Pfizer’ декабрь ойининг ўрталарида FDA рухсатини олишни кутмоқда ва компания вакцинани дарҳол етказиб беришга тайёр. 2020 йил охиригача ‘Pfizer’ 25 миллион кишини эмлаш учун мўлжалланган 50 миллион дозадаги вакцинани ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда», дейилади хабарда.

«Бу — биз ва илм-фан учун тарихий кун. ‘BioNTech’ билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганимизни эълон қилган кундан буён 248 кун ўтди», — деди ‘Pfizer’ бош директори Альберт Бурла.

«Коммерсант»нинг хабар беришича, рухсат олинганидан кейин вакцина билан юқори хавф гуруҳидаги одамларни 2020 йил декабрь ойи ўрталарида ёки охирига қадар эмлаш мумкин бўлади. Шунингдек, компания Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларда ҳам вакцинадан фойдаланишга рухсат олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилишни режалаштирган.

Таъкидланишича, вакцинанинг нархи бир доза учун 20 доллардан ошмайди. Вакцина барча ёш, ирқ ва миллат учун бир хил. Компаниялар Россияда ҳам вакцинани рўйхатдан ўтказиш учун ариза бермоқчи.

«Reuters» манбаларига кўра, FDA 8–10 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган йиғилишда «Pfizer» вакцинасини муҳокама қилишни режалаштирган. Агентликнинг суҳбатдошлари белгилаган саналар ўзгариши мумкинлигини айтган. Вакцинани соддалаштирилган тартибда рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги сўров FDAга юборилганлиги ҳақидаги хабардан сўнг «Pfizer» акциялари 2 фоизга ўсган. «Pfizer» билан бирга вакцинани ишлаб чиқаётган Германиянинг «BioNTech» компанияси акциялари эса 5 фоизга ўсган.

Аввалроқ cамарадорлиги 90 фоиздан юқори бўлган «Pfizer» вакцинаси нархи маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, cамарадорлиги 95 фоизга тенг коронавирусга қарши вакцина аниқлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар