Ҳафта охирида ҳаво кескин совуқлашади
9-11 октябрда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва ўртача илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечалари асосан +11…+16 даража, кундуз кунлари +25…+30 даража бўлади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, 11 октябрда республика шимоли-ғарбий ҳудудларига Қора денгиз ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёмғир ёғади, баъзи жойларда шамол тезлиги кучаяди. Ҳаво ҳарорати +12…+17 даражагача пасаяди.
12-13 октябр кунлари совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. 12 октябрда, шунингдек, 13 октябрда кечаси ва эрталаб республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 13 октябрда кундузи фақат Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиши сақланиб туради. Шамол тезлиги баъзи жойларда 15-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечалари +6…+11 даражагача, шимолда +2…+7 даражагача, кундуз кунлари +12…+17 даражагача пасаяди.
Республиканинг тоғли ҳудудларида 12-13 октябр кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, баъзи жойларда қорга айланади) бўлади. Ушбу мавсумда биринчи ҳақиқий кузги совуқ кириб келиши кузатилади.
Пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, 9-11 октябр кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 12 октябрда куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади, 13 октябрда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳарорат 9 октябрда +25…+27 даража, 10-11 октябрда кечаси +12…+15 даража, кундузи +27…+29 даража, 12 октябрда кечаси +14…+16 даража, кундузи +24…+26 даража, 13 октябрда кечаси +6…+9 даража, кундузи +12…+15 даража бўлади. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, 12-13 октябрда 12-15 м/с гача кучайиши мумкин.