Марғилонда эҳтиёжманд аҳолининг 1600 дан ортиқ муаммоси ҳал этилди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож аҳолининг 1611 муаммоси ҳал этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят раҳбари Хайрулло Бозоров бошчилигида Марғилон шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда эҳтиёжманд оилаларни ўрганиш учун тузилган ишчи гуруҳнинг ҳисоботи тингланган.
Хабарга кўра, шаҳардаги 42 та маҳалла фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳ томонидан 21 906 та хонадон ўрганилиб, 4234 та муаммо ва камчилик борлиги аниқланган. Ижроси маълум муддат талаб қиладиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди корхона ва ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилган.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими топшириғига биноан эндиликда ишчи гуруҳ вакилларининг асосий эътибори:
- шаҳар ҳудудида қанча ишсизлар бор ва уларнинг нечтаси 30 ёшгача бўлган ёшлар;
- шаҳарда қанча ишсиз аёллар бор;
- шаҳарга чет давлатлардан келган фуқароларнинг бандлик ҳолати;
- «темир дафтар»нинг холисона юритилиши;
- аҳолининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганишга қаратилиши белгиланган.
Шунингдек, вилоят ҳокими ишчи гуруҳ вакилларига дастлабки ўрганилган хонадонларда аниқланган муаммо ва камчиликларнинг мутасаддилар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлигини такрорий ўрганиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берган.
Мавзуга доир:
Марғилонда аҳолининг қарийб 500 та муаммоси ҳал этилди
Марғилонда эҳтиёжманд аҳолининг 700 дан ортиқ муаммоси ҳал этилди
Бундан аввал Когон халқ қабулхонасига келиб тушган 290 та мурожаатномадан 163 таси ва Ургутда Самарқанд вилоят прокурори ўтказган қабулда 44 та мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Тошкент вилоятидаги оммавий қабулларда қарийб мингта масала жойида ҳал қилингани ҳамда Бухорода вазирликлар ва маҳаллий ҳокимларнинг оммавий сайёр қабулида 1,5 мингдан ортиқ мурожаат ўрганилгани маълум қилинганди.