Ургутда Самарқанд вилоят прокурори ўтказган қабулда 44 та мурожаат ҳал этилди
Самарқанд вилояти Ургут туманида прокурор Фарҳод Зуфаров ўтказган навбатдаги сайёр қабулда 44 та мурожаат ҳал этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Санчиқул» маҳалласида ўтказилган оммавий сайёр қабулда туман ҳокимлиги, тумандаги тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳамда бошқа сектор раҳбарлари иштирок этган. Қабулда жами 214 нафар фуқаро қатнашиб, улардан 56 масалани ўз ичига олган 146 та мурожаат келиб тушган.
Шулардан 44 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилган. 24 тасига тушунтириш берилган. Қолган барча мурожаатларни белгиланган муддат ичида ўрганиб чиқиб, жавоб хатлари юборилиши кўрсатиб ўтилган. Қабул сўнгида 5 нафар фуқарога мурожаатлари юзасидан ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, қўлтиқ таёқлар топширилган.
Аввалроқ Қоракўл тумани ҳокими ўтказган қабулда 21 та мурожаат жойида ҳал этилгани, Булунғурда депутатлар ўтказган мулоқотда 25 нафардан ортиқ фуқаронинг муаммолари ўрганилгани ҳамда Нурободда ўтказилган сайёр қабулда 5 та мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар берилганди.