Наманган вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Шавкат Абдураззоқовнинг 29 октябрдаги қарори билан Жаҳонгир Қаюмов Наманган вилояти ҳокими Ишлар бошқарувчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Жаҳонгир Қаюмов 1980 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2001 йилда Тошкент молия институти, 2015 йилда Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2001 йилда «Cоcа Cоlа O’zbekiston» қўшма корхонаси мутахассислигидан бошлаган.
У 2002—2020 йилларда ушбу корхона савдо вакили, бош директор таржимони, Қўқон шаҳри филиали менежери, Андижон филиали менежери, хусусий тадбиркор, «Lyuks рlus star» МЧЖ савдо ва маркетинг бўлими менежери, «GM Uzbekistan» АЖ ички савдо дирекцияси агенти, менежери, бош менежери бўлиб ишлаган.
Шунингдек, «GM Uzbekistan» АЖ газ ёқилғиси, маркетинг, мониторинг ва ривожланиш бошқармаси етакчи мутахассиси, хусусий тадбиркор, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Халқаро ҳамкорлик ва лойиҳалар бўлими бош мутахассиси вазифаларида фаолият юритган.
Жаҳонгир Қаюмов 2020 йилдан ҳозирга қадар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
Аввалроқ Наманган вилояти ҳокимига туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчи тайинлангани ҳақида хабар берилганди.