Наманган вилояти ҳокимига қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар тайинланди

Анваржон Ҳакимов Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Анваржон Ҳакимов 1967 йили Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 1991 йили Андижон пахтачилик институтини тамомлаган. Мутахассислиги олим-агроном.

Меҳнат фаолиятини 1991 йилда Чортоқ тумани «Ойқирон» ширкат хўжалиги бош пудратчи ёрдамчиси вазифасидан бошлаб, бош агрономликкача бўлган йўлни босиб ўтган. 2002—2018 йиллар давомида Чортоқ тумани деҳқончилик саноати фирмаси, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, «Ойқирон» ширкат хўжалиги, «Ойқирон миришкорлари» ММТП, туман ўсимликларни ҳимоя қилиш отряди, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида турли масъул лавозимларда ишлаган.

Анваржон Ҳакимов 2018 йилдан буён Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келаётган эди.

Аввалроқ Саидаҳмад Султонов Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди. Шунингдек, Аҳмаджон Мамажонов Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовга ёрдамчи қилиб тайинлангани хабар қилинди.