Наманганда 21 ёшли фуқаро гашиш билан қўлга тушди
Наманганда «Қорадори-2020» тадбири давомида 4 август куни 1999 йилда туғилган фуқаронинг кийимидан гиёҳванд модда топилди. Бу ҳақда Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
ИИБ Жиноят-қидирув бўлими тезкор вакиллари томонидан Наманган шаҳар 1-кичик туман ҳудудидаги «Ангор» блок пости ёнида шубҳали ҳаракатлар содир этган Чуст туманида яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро холислар иштирокида кўздан кечирилган. Унинг шимининг олд чўнтагидан гугурт қутисида бўлган бир бўлак, ўткир ҳидли, тўқ жигарранг рангли модда борлиги аниқланиб, текшириб кўриш учун шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига олинган.
Наманган шахар ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими Эксперт-криминал бошқармасининг хулосасига кўра, ушбу модданинг умумий соф оғирлиги 0,88 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддаси эканлиги кўрсатилган.
Ушбу ҳолат бўйича шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Попда яшаш ҳовлисида 19 туп каннабис гиёҳванд ўсимлигини етиштирган шахс аниқлангани, яна бир фуқаро ҳовлисига 19 туп наша эккани ва молхонасида нашасимон ўсимликлар сақлаётгани аниқлангани, Риштонда уйида 4 туп наша сақлаб келаётган шахс ушлангани ҳақда хабар берилган эди.