ҚҚС фоизи камайтирилган бўлсада, нархлар тушиш ўрнига ошди – ПМТИ

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғининг 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмади.

Қайд этилишича, таҳлилда ҚҚС тўловчи ва асосан расмий иш юритувчи ҳисобланган супермаркетлар нархлари асос қилиб олинган ҳамда 97 турдаги 3754 та истеъмол товари бўйича 4 ойлик статистика data-scraping йўли билан юклаб олинган.

Ҳар бир товар тури бўйича декабрь ва январь ойларида нархлар ўртасидаги ўзгариш (treatment group) ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгариши (control group) билан солиштирилган.

«Натижалар шуни кўрсатадики, ҚҚС 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмаган. Жумладан, декабрь-январь ойларидаги нархлардаги ўзгариш ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгаришига нисбатан 0,3 фоизга кўп бўлган. Бу дегани бошқа барча омиллар таъсир кучи тўхтатиб турилган тақдирда ҳам 2,6 фоизга тушиши керак бўлган нархлар 0,3 фоизга ошган», дейилади таҳлилда.

Шунингдек, гарчи Ўзбекистонда ҚҚС пастлаган бўлсада, бу 46 та гуруҳ бўйича 1115 та товар нархи ўзгартирилмаган. Масалан, болалар озуқаси, музқаймоқ, макарон, тана парвариши маҳсулотлари ва бошқалар.

«20 та гуруҳ бўйича 1306 та товар нархи 1 фоизгача ошган. Булар шоколад, ширинлик, гигиена махсулотлари ва бошқалардир. 12 та гуруҳ бўйича 585 та товарлар – кир ювиш кукунлари, мева, гўшт махсулотлари, сут нархлари 1-5 фоизга ошган. Фақатгина 7 та гуруҳ бўйича 567 та товарлар –канцелярия товарлари, соуслар, кофе нархлари 1,6 фоизгача пасайгани кузатилган.

Янгиликлар