Олтиариқдаги бозорда фуқаро чўнтагидан салкам 4 млн сўм ўғирлаган эркак қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида бозор ҳудудида фуқаро чўнтагидан салкам 4 миллион сўм ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 31 октябрь, шанба куни фуқаро Б.А. Олтиариқ туман ИИБга мурожаат қилган. Мурожаатда шу куни соат 16:00 ларда номаълум шахс Ўзбекистон кўчасида жойлашган бозорга харид учун келган И.Б.нинг шими ён чўнтагида бўлган 3 миллион 800 минг сўм ва телефонини ўғирлаб кетганини айтган.

Қайд этилишича, олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида мазкур жиноятни фуқаро С.Р. содир этганлиги аниқланган ва ўғирланган уяли телефон аппарати далилий ашё тариқасида олинган.

Хабарга кўра мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (Киссавурлик) «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида «автомойка»дан «Matiz» ўғирлаган эркак ва Бўстонда 6 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Тошлоқда вояга етмаган фуқаронинг 700 минг сўмлик телефонини ўғирлаган шахсга жиноий иш қўзғатилгани ҳамда Марғилонда фуқаронинг уйидан 2 миллион сўм ўғирлаб кетган эркак ушлангани маълум қилинган.

Янгиликлар